publisher

«Оилаларга сифатли ва тезкор ижтимоий хизматлар кўрсатиш учун мобил илова яратиш» лойиҳаси доирасида илмий-амалий конференция ўтказилди

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган «Оилаларга сифатли ва тезкор ижтимоий хизматлар кўрсатиш учун мобил илова яратиш» лойиҳаси доирасида «Ижтимоий ишнинг ривожланиши ва глобал муаммолар» мавзусидаги Республика (хорижий иштирокчилар билан) илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Миллий университети ижтимоий иш кафедраси томонидан Ўзбекистон Ногиронлар уюшмаси, Республика Болалар ижтимоий мослашув маркази, «Ижтимоий фикр» Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази билан ҳамкорликда ташкиллаштирилди.

Ўзбекистондаги кенг миқёсли демократик ислоҳотлар жараёнида аҳолининг заиф қатлами ҳуқуқларини таъминлашга доимий эътибор қаратилмоқда. Шу йўсинда аҳолининг заиф қатламларининг ижтимоий ҳимояси учун босқичма-босқич чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ўзбекистон Республикаси ривожланиши Стратегиясининг «Ижтимоий соҳани ривожлантириш» 4-йўналишида пенционерлар, ногиронликка эга шахслар, ёлғиз кексалар ва бошқа аҳолининг заиф қатламларининг тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун ижтимоий тиббий ёрдам тизимини ривожлантириш назарда тутилади.

Ушбу жараёнларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий фанлар факультети Ижтимоий иш кафедраси профессор-ўқитувчилари илмий-тадқиқот ишлари ўз ўрнига эга. Лойиҳалар доирасида аҳолининг заиф қатлами билан амалий ижтимоий иш олиб боришнинг турли жиҳатлари ўрганилади, Ўзбекистон шароитида шу соҳани ўрганишнинг концептуал мезонлари ва методологик асослари шакллантирилади, соҳанинг кейинги ривожи учун назарий изланишлар олиб борилади. Ҳозирги вақтда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш институтлари ўртасида идоралараро ўзаро ҳаракат тобора долзарблашиб бормоқда. Бу турли ташкилотлар қўшма фаолияти, муаммоларнинг ҳамкорликда ечилиши, масъулиятнинг тақсимланишида намоён бўлади. Бундай ёндашув бир қатор муаммоларни бартараф этишга имкон беради. Маълумки, ногиронликка эга инсонлар муаммолари турлича ва ўзига хосдир, улар мурожаат қилган биргина ташкилот кучи билан ўз ечимини топмаслиги мумкин.

Бундай ҳолатларда, биринчидан, эҳтиёжманд оилаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун тенг шароитларни яратиш муҳимдир. Шунга кўра, бу каби муаммоларнинг ечими ННТ, ижтимоий ҳимоя органлари фаолиятини тадқиқ этиш ва комплекс баҳолашни талаб этади.

Конференция эҳтиёжманд оилалар билан ижтимоий иш олиб боришнинг кенг қамровли долзарб масалаларига бағишланади: Ўзбекистонда ижтимоий сиёсатни ривожлантириш истиқболлари; аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш жараёнида фуқаролик жамиятининг тутган ўрни; аҳоли саломатлигини таъминлаш жараёнларининг самарадорлигини ошириш йўллари; ногиронлиги бор шахсларнинг ижтимоий-маданий мослашуви тизимини такомиллаштириш; аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоялашда ахборот технологияларини ривожлантиришнинг асосий жиҳатлари; ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш муаммолари кўриб чиқилади.

Аҳолининг турли гуруҳлари билан ижтимоий иш тажрибаси умумлиштирилади, инновацион методлар таклиф этилади ва ижтимоий иш назариясига ёндашувлар кўриб чиқилади. Илмий аҳамиятга эга бўлган тадқиқот натижалари келтирилади

Конференция давомида РБИММ, SOS Болалар Маҳаллалари уюшмаси, UNIСEF, UNODIC, Германиянинг Тожикистондаги Каритас вакиллиги, Тожикистон Давлат университети, Фарғона давлат университети, Самарқанд Давлат университети, Бухоро давлат Университети, Гулистон давлат университети профессор-ўқитувчилари, амалиётчи мутахассислар, илмий ходимлар, докторантлар, изланувчилар, магистрлар ва талабалар иштироки кўзда тутилган.

Конференция доирасида ялпи мажлис ўтказиш режалаштирилган. Иштирок тили ўзбек ва рус тиллари. Илмий амалий конференция иши натижаларига кўра илмий ишлар тўплами нашр этилади. Мамлакатимиз олимларининг ушбу конференциядаги фаол иштироклари замонавий Ўзбекистон шароитида оилаларнинг фаровонлиги, уларнинг иқтисодий, ижтимоий, тарбиявий салоҳиятларини амалга оширишлари учун зарур муҳит яратиш жараёнларини илмий тадқиқ этиш имконини беради.